Маркетинг хавфсизлигини корхона иқтисодий фаолиятига таъсири
##plugins.themes.bootstrap3.article.main##
Аннотация
Замонавий иқтисодиётнинг ривожланиши тадбиркорлик субъектларининг ишлаши учун янги шарт-шароитларни тақозо этиб, бизнес юритишдаги ёндашувларни ўзгартиришни талаб қилмоқда. Ҳозирги кунда корхоналар кучли рақобат ва юқори риск шароитида фаолият кўрсатмоқдалар, бу нафақат бозордаги кўплаб маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг мавжудлиги билан, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар танлаган маркетинг сиёсати билан ҳам боғлиқдир. Шуни ҳисобга олган ҳолда, рентабелликни, рақобатбардошлиликни, бозор улушини, мижозлар базасини кўпайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини янги даражага кўтариш мақсадида корхонанинг ички ва ташқи иш юритиш муҳитига рискни аниқлаш, таҳлил қилиш ва олдини олиш зарурати туфайли корхоналарнинг маркетинг хавфсизлиги таъсири ортиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда кўплаб хорижий олимлар бу мавзуда илмий изланишлар олиб бормоқда. Хусусан, иш юритишнинг моҳияти ва унинг корхонанинг иқтисодий хавфсизлигига таъсири Е.Дмитрук томонидан ўрганилган [3], маркетингини корхонанинг иқтисодий хавфсизлигига таъсирини баҳолаш механизмлари A.Ляшенко илмий ишларида очиб берилган. [4], корхона тузилмаларининг иқтисодий хавфсизлигини бошқариш масалалари Н.Реверчук томонидан ёритиб берилган [6]. Аммо, қилинган ишларга қарамасдан, ушбу мавзу қўшимча тадқиқотлар олиб боришни талаб қилади: маркетинг хавфсизлиги тушунчасининг моҳиятини корхонанинг иқтисодий хавфсизлигининг ажралмас қисми сифатида очиб бериш, корхонанинг маркетинг хавфсизлиги ва унинг бизнес обрўси даражаси ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш кабилар.
Корхонанинг маркетинг хавфсизлиги иқтисодий хавфсизликнинг ажралмас қисми сифатида маҳсулот, маркетинг, коммуникация ёки нарх сиёсатидаги хатоларга йўл қўймаслик орқали корхонани бозор хатти-ҳаракатларининг самарасиз танланган моделидан ҳимоя қилишни ўз ичига олади. Маркетинг хавфсизлиги - бу корхонанинг маркетинг комплексининг ички ва ташқи элементлари хатарларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва олдини олиш тизимидир. Корхона ички маркетинг комплекс элементлари қуйидагилар: маҳсулот, нарх, жойлаштириш, реклама [1]. Ўз навбатида, корхонанинг маркетинг комплексининг ташқи элементлари: атроф-муҳит (воситачилар, етказиб берувчилар, истеъмолчилар, рақобатчилар, давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари, молиявий институтлар, реклама агентликлари ва бошқалар), рақобат ва бозор муҳити (иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, демографик, технологик, ахборот), институционал омиллар ва бошқалар. Шуни таъкидлаш керакки, корхонанинг маркетинг хавфсизлиги корхона ички имкониятларининг бозор билан ўзаро боғлиқлиги ва мувофиқлигини акс эттиради. Маркетинг хавфсизлиги ёрдамида маҳсулот охирги фойдаланувчига етказилади [6]. Шу муносабат билан, маркетинг хавфсизлигининг мавжудлиги маҳсулотнинг ҳаётий циклининг барча босқичларида (тадбиркорлик ғоясининг пайдо бўлишидан бошлаб товарни бозордан чиқиб кетгунича) муҳим аҳамиятга эга деб таъкидлаш мумкин.
Корхонанинг маркетинг хавфсизлиги тизими қонунийлик, изчиллик, ривожланиш, тизимлилик, иқтисодий мақсад ва бошқа принциплар асосида шакллантирилиши лозим [2]. Бизнинг фикримизча, корхонанинг маркетинг хавфсизлиги корхонанинг иқтисодий фаолиятига тахдидларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни олдини олиш деб тушунилиши керак; маркетинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари амалдаги қонунчиликка зид бўлмаслиги керак; маркетинг хавфсизлиги корхонада мавжуд бўлган барча имконият ва инструментлардан комплекс фойдаланиш асосида шакллантирилиши керак. Маркетинг хавфсизлиги таҳдидларига қарши курашиш механизми барча бўлимлар, корхона хизматлари, давлат органлари, ташқи ташкилотлар, яъни корхонанинг маркетинг хавфсизлигини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган барча муассасаларнинг ўзаро таъсири ва ҳаракатларининг мувофиқлаштирилишига асосланиши зарур. Манфаатдор томонлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан очиқ фойдаланиш учун тақдим этиладиган маълумотлар аниқ мониторингни талаб қилади, яъни маълумотлар хавфсизликнинг мақбул чоралари доирасида ва ошкоралик ва махфийлик нисбати бўйича тарқатилиши керак. Ҳар бир ходим ўз соҳасининг юқори малакали мутахассиси бўлиши ва ўз касбий даражасида ишлаш жараёнида корхонанинг маркетинг хавфсизлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиши лозим (бу кўпинча тадбиркорлик фаолияти учун таҳдидларни келтириб чиқарадиган, активларнинг ҳажми, молиявий натижалар, савдо, банк фаолияти тўғрисидаги махфий маълумотларни била туриб ёки билмасдан тарқатадиган ходимлардир). Маркетинг хавфсизлигини шакллантириш харажатлари иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлиши керак. Корхонанинг маркетинг хавфсизлиги тизимлилик тамойилларига, шу жумладан корхонанинг маркетинг хавфсизлигига таъсир этувчи барча омилларни, уни шакллантириш жараёнида иштирок этадиган барча ходимларни, тадбиркорлик фаолиятига таҳдидларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва олдини олиш учун барча имконият ва воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши зарур.
Корхона даражасида (маҳаллий даражада) маркетинг хавфсизлигини шакллантиришга таъсир қилувчи асосий омилларни кўриб чиқамиз [2]:
- Ички омиллар (ахборот тизимларининг имкониятлари, ахборотни ҳимоя қилиш даражаси; корхона таъсисчилари ва ходимлари манфаатларининг мувофиқлиги, бошқарув тизимининг бозор шароитидаги ўзгаришларга жавоб бериш қобилияти; ходимларнинг малакаси, профессионаллиги ва ишини мувофиқлаштириш, унинг рақобатбардошлиги; ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш даражаси, ҳолати ва самарадорлиги, номоддий ресурслар, активлар, айланма маблағлар ва инвестиция ресурслари; ўзаро ҳисоб-китобларнинг барқарорлиги ва ишончлилиги, корхонанинг савдо тармоғи, товар, коммуникация ва нарх сиёсатига самарадорлиги).
- Ташқи омиллар истеъмолчилар, воситачилар, рақобатчилар, етказиб берувчилар, коммуникация аудиторияларидан иборат бўлган корхона назорат қила олмайдиган муҳит билан боғлиқ.
Ҳозирги вақтда маркетинг фаолиятини олиб бориш жараёнида юзага келадиган ва корхонанинг маркетинг хавфсизлиги даражасига салбий таъсир кўрсатадиган таҳдидлар қуйидагилардан иборат: маҳсулотни ўз вақтида бозорга чиқармаслик; истеъмолчилар янги маҳсулотни қабул қилмасликлари; паст сифатли маҳсулот; нотўғри танланган маҳсулотнинг бозордаги позицияси; бозор имкониятларини қайта баҳолаш; бозордаги мавжуд аналогларга нисбатан маҳсулотнинг рақобатбардош эмаслиги; рақобатчилар томонидан маҳсулотни ишлаб чиқариш технологияларини тезкор жалб қилиниши; товарларни бозорда нотўғри жойлаштириш; маҳсулот ишлаб чиқаришни прогноз харажатларининг режага нисбатан кўплиги; салбий обрўга эга бўлган воситачилар ёки етказиб берувчиларнинг ишбилармонлик этикаси ёки қабул қилинган мажбуриятларга риоя қилмасликлари билан намоён бўлиши; ўхшаш рақобатдош маҳсулот нархининг ўзгариши; маҳсулотнинг жуда юқори нархи; товарлар нархининг сифати, янгилиги, фойдаланиш хусусиятлари билан мос келмаслиги; мижозларга сотишдан олдин ва сотишдан кейинги паст сифатли хизмат; самарасиз реклама кампанияси.
Шундай қилиб, корхонанинг маркетинг хавфсизлигига таъсир этувчи омиллар таҳлили нуқтаи назаридан хулоса қилишимиз мумкинки, корхона обрўсига таъсир этувчи омилларнинг салбий томонга ўзгариши маркетинг хавфсизлигини шаклланишига асос бўлади ва аксинча маркетинг хавфсизлигига таҳдид корхоналарнинг бизнес обрўси даражасига салбий таъсир қилади. Шунинг учун биз маркетинг хавфсизлигини корхонанинг бизнес обрўсига таъсирини учта йўналишини ажратишимиз мумкин: агар маркетинг хавфсизлигининг корхонанинг обрўси даражасига таъсири нейтрал бўлса, унда маркетинг хавфсизлигининг ўзгариши йўналишига қараб корхонанинг обрўси қандай ўзгариши аниқ эмас; агар маркетинг хавфсизлигининг корхона обрўси даражасига таъсири ижобий бўлса, у ҳолда маркетинг хавфсизлигининг ўсиши билан бир қаторда корхона бизнес обрўси даражаси кўтарилади; агар маркетинг хавфсизлигининг корхона обрўси даражасига таъсири салбий бўлса, унда корхонанинг бизнес обрў даражаси қарама-қарши томонга ўзгаради, яъни маркетинг хавфсизлигига таҳдидлар кучайган сайин, бизнес обрўси пасаяди.
Кейинги тадқиқотларни олиб бориш учун истиқболли йўналишлар дея қуйидагиларни таклиф қиламиз:
- Маркетинг хавфсизлигининг корхоналарнинг бизнес обрўсига таъсири моделини ишлаб чиқиш;
- Корхоналарнинг маркетинг хавфсизлигини таъминлаш тизимини шакллантиришда хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш;
- Бизнес обрў даражасини ошириш шароитида корхоналарнинг маркетинг хавфсизлигини ошириш йўлларини аниқлаш.