ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БОРАСИДАГИ ДАВЛАТНИНГ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ВА УНИНГ СТАТИСТИК ТАҲЛИЛИ ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШИШ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БОРАСИДАГИ ДАВЛАТНИНГ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ВА УНИНГ СТАТИСТИК ТАҲЛИЛИ
##plugins.themes.bootstrap3.article.main##
Abstract
Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишни ифодаловчи статистик кўрсаткичлар, коррупцияга қарши курашиш, хуфёна иқтисодиёт, содир этилган иқтисодий жиноятларнинг статистик таҳлили ёритилган.
Мамлакатимизда аҳолининг турмуш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган ислоҳотлар жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг бизнес юритиши учун уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, инвестициявий жозибадорлигини ошириш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада давлатимиз томонидан қонунлар, қарорлар, фармонлар ҳамда комплекс чора-тадбирларнинг қабул қилиниши натижасида, мамлакатада ҳуқуқ-тарғиботни таъминлашда ижобий кўрсаткичларга ҳамда коррупцияга қарши курашишда сезиларли даражада яхшилашга еришилди.
Шу билан бир қаторда, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмаганлиги ва уларга комплекс ёндашилмаётганлиги, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги кутилаётган натижаларни бермаяпти. Бундан ташқари бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари сақланиб қолинмоқда. Бу эса, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Республика Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сонли “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”[1]ги қарорига мувофиқ жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизими яратилиб, қонун бузилишининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмлари жорий этилди.
Бизнесни юритиш ва инвестицияларни жалб этиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва улардан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш мақсадида республика Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сонли “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”[2]ги фармони қабул қилинди. Фармонга кўра: инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш; ёқилғи-энергетика комплексида, банк-молия, солиқ, транспорт, қурилиш ва ижтимоий соҳаларда иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш; давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валюта маблағлари ноқонуний равишда чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларнинг ноқонуний муомаласи, “хуфёна иқтисодиёт”ни шакллантиришнинг турли схемалари ва каналларини аниқлаш каби устувор вазифалар белгиланган.
Содир этилган иқтисодий жиноятларнинг статистик таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йил январь-сентябрь ойлари ҳолатига кўра, республикамизда жами содир этилган иқтисодий жиноятлар сони 4537 тани ташкил этади. (1-жадвал)
1-жадвал
2019 йил январь-сентябрь ойлари ҳолатига кўра содир этилган иқтисодий жиноятлар тўғрисида[3]
№
Кўрсаткичлар
Содир этилган жиноятлар сони
Жиноят содир этган шахслар сони, киши
1
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш (167-модда)
1313
2465
2
Пора олиш (210-212-модда)
582
427
3
Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш (176-модда)
60
39
4
Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш (177-модда)
537
581
5
Сохта тадбиркорлик (179-модда)
51
29
6
Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (184-модда)
242
272
7
Бошқалар
1752
1605
Жами:
4537
5418
Иқтисодий жиноят содир этган жами шахслар 5418 кишини ташкил этиб, шундан 45,5 % (2465 киши) ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш йўли билан (167-модда), 7,9 % (427 киши) порахўрлик билан (210-212-модда), 10,7 % (581 киши) валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш йўли билан (177-модда), 5% (272 киши) солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш йўли билан (184-модда)[4] содир этган жиноятчилар ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган бугунги ислоҳотларда белгиланган вазифалар аҳоли фаровонлигини ошириш ва турмуш даражасини яхшилаш ҳамда коррупцияга қарши курашишга қаратилган.
Фойдаланилган адабиётлар
- uz/docs/-3743214. Президентининг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сонли “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони.
- uz/ Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодекси.
- Norma.uz/ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сонли “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.
- Ўзбекистон Республикаси Бош прократураси маълумотлари асосида.
[1] Norma.uz/ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сонли “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.
[2] Lex.uz/docs/-3743214. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 майдаги ПФ-5446-сонли “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони.
[3] Ўзбекистон Республикаси Бош прократураси маълумотлари асосида.
[4] Lex.uz/ Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодекси.