МИЛЛИЙ ҲИСОБЛАР ТИЗИМИДА СЧЁТЛАРИ ТАРКИБИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ МИЛЛИЙ ҲИСОБЛАР ТИЗИМИДА СЧЁТЛАРИ ТАРКИБИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

##plugins.themes.bootstrap3.article.main##

Баҳодир Каримович Ғойибназаров
Каримжон Бакиджанович Ахмеджанов

Abstract

Миллий ҳисоблар тизимида счётлар муҳим ўрин тутади. Улар резидент институцион бирликлар ўртасида бўладиган ўзаро иқтисодий операцияларни қайд этиш учун ишлатилади. Ўзбекистоннинг жаҳон хўжалигига интеграциялашуви, модернизация ва диверсификациялашув жараёнлари ҳамда иқтисодий тараққиётнинг жадаллашишида “...статистик ҳисоботларни тўғри юритиш ва давлатнинг иқтисодий салоҳиятини аниқ баҳолаш жуда муҳимдир. Шу орқали ялпи ички маҳсулотни ҳолисона баҳолашга эришиш мумкин”[1]. Ҳозирги кунда “...статистик амалиётда маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, таҳлил қилишнинг шакл ва усуллари халқаро андозалар ҳамда замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермайди[2].


Қайд этилаётган операциялар резидент ва норезидент институцион бирликлар ўртасида бўлаётган иқтисодий операцияларни ҳам қамраб олади. Счётдаги ёзувлар системада қабул қилинган тармоқ, сектор (қуйи сектор) ва бошқа классификациялар бўйича (хар бир иқтисодий операция бўйича эмас) операциялар гуруҳлари (ялпи ишлаб чиқариш, истеъмол, экспорт ва х.к.) бўйича умумлашган ҳолда ёзиб борилади. Айрим ёзувлар икки иқтисодий бирлик ўртасидаги операциялар натижалари бўлмай, табиий офат ёки инфляцион жараёнлар оқибатида активларнинг ўзгариши натижаларини ифодалайди. Бундан ташқари, бир қанча кўрсаткичлар иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва аналитик ҳисоблаш асосида топилиб, счётларда ёзилади. Масалан: қўшилган қиймат, жамғарма, бирламчи даромад кўрсаткичлари баланс методи бўйича жами ресурслар ва уларнинг ишлатилиши ўртасидаги фарқ сифатида ҳисоблаб топилади. Миллий ҳисоблар тизимида энг муҳим кўрсаткичлар агрегатлар деб юритилади. Бунга мисол сифатида Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ), Ялпи миллий даромад (ЯМД), Миллий бойлик (МБ) кўрсаткичларини келтириш мумкин.


Ўзбекистон Республикасининг келажакда мамлакатни янада ривожлантиришга мўлжалланган стратегик вазифаларида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро валюта фондининг Миллий ҳисоблар тизимини республикамизда 2020 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ жорий этиш”[3] ва “...ялпи ички маҳсулотнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш”[4] вазифаларининг белгилаб қўйилиши республикада миллий ҳисоблар тизими асосида ЯИМни ҳисоблаш усулларини янада такомиллаштиришни ҳозирги кунда зудлик билан ҳал қилиниши зарур бўлган асосий муаммолардан бирига айлантирди.


Дунёда ЯИМнинг ҳажми ва ўсиш суръатларини ҳисоблаш усулларини такомиллаштириш бўйича қатор, жумладан, қуйидаги йўналишларда тадқиқотлар олиб борилмоқда: ЯИМни ишлаб чиқариш усули бўйича ҳисоблашда қўшилган қийматнинг таркибий қисмлари, айниқса, амортизация ажратмаларини аниқ ва тўлиқ ҳисоблаш методологиясини ишлаб чиқиш; ЯИМ таркибида уй хўжаликларида яратилаётган товар ва хизматлар ҳажмини тўлиқ қамраб олиш механизмларини такомиллаштириш; миллий ҳисоблар тизимининг асосий счётлари (ишлаб чиқариш, даромадлар шаклланиши ва тақсимланиши, капитал билан операциялар) таркибини такомиллаштириш; ҳуфёна иқтисодий фаолият натижаларини ЯИМ таркибига киритиш механизмларини такомиллаштириш[5].


Счётларнинг ёзилиш шакли бухгалтерия счётларига ўхшаш. Улар
Т- кўринишда бўлиб, унинг бир томонида ресурсларни, иккинчи томонида уларнинг ишлатилишини ифодаловчи кўрсаткичлар ёзиб борилади. Счётларнинг икки томони ҳар доим баланслаштирилади. Баланслаштириш
2 хил усул билан амалга оширилади: 1-баланс усули, яъни счётнинг ишлатилиши тарафига баланслаштирувчи кўрсаткич ёзилади. Бу кўрсаткич кейинги счётга ресурс сифатида ўтказилади. Масалан, ишлаб чиқариш счётида қўшилган қиймат кўрсаткичи баланслаштирувчи кўрсаткич сифатида аниқланади ва кейинги даромадларнинг ҳосил бўлиши счётига ресурс сифатида ёзиб куйилади. 2-усул 1-усулдан фарқ қилади. Бу усулда счётларнинг ресурс ва ишлатилиши таркибида келтирилган иқтисодий кўрсаткичларнинг йиғиндилари бир бирига тенг келиши лозимлиги асосида тузилганлиги, ўз-ўзидан бу счётларни мувозанатлаштиради.


Бундай счётга мисол тариқасида Товарлар ва хизматлар йиғма счётини келтириш мумкин. Бу счётнинг ресурслар ва ишлатилиши кўрсаткичлар таркиби шундай танланганки, уларни тўғри ҳисоблаб топилганда иккала томон ўзаро мувозанатлашади. Лекин, амалиётда кўрсаткичларни аниқлаш манбалари турли ва кўрсаткичларни ҳисоблашда эксперт баҳолаш усуллари қўлланилгани сабабли ”ресурслар” ва “ишлатилиши” кўрсаткичлари йиғиндилари бир-бирига ҳар доим ҳам тенг (ёки яқин) бўлавермайди. Орадаги фарқ одатда статистик хатолик деб аталади. Бу хатоликни катта-кичиклигига қараб, ҳисобларнинг қандай даражада аниқ бажарилганлигини билиш мумкин.


Миллий ҳисоблар тизимида иқтисодиёт секторлари, тармоқлари, ташқи дунё ва бутун мамлакат иқтисодиёти бўйича турли счётлар тузилади.


Иқтисодиёт секторлари бўйича жорий счётлар, жамғариш счётлари, активлар ва пассивлар баланслари тузилади.


Жорий счётларга қуйидаги счётлар киради:


-ишлаб чиқариш;


-даромадларнинг шаклланиши;


-бирламчи даромадлар тақсимоти;


даромадларнинг қайта тақсимоти:


-пул холидаги даромадларни қайта тақсимлаш;


-натура холидаги даромадларнинг қайта тақсимоти;


-ихтиёрдаги пул даромадларининг ишлатилиши;


-тузатилган ихтиёрдаги даромаднинг ишлатилиши.


Жамғариш счётлари қуйидагилардан иборат:


-капитал харажатлар(операциялар) счёти;


-молия счёти;


-активлар ва пассивларда бошқа ўзгаришлар счёти:


а)актив ва пассив ҳажмларида бошқа ўзгаришлар счёти;


б)актив ва пассивларни қайта баҳолаш счёти.


Активлар ва пассивлар балансларига қуйидагилар киради:


-давр бошига активлар ва пассивлар баланси;


-давр охирига активлар ва пассивлар баланси.


Иқтисодиёт тармоқлари бўйича факат 2та счёт: ишлаб чиқариш счёти ва даромадларни ҳосил бўлиши счёти тузилади. Ташқи дунё сектори бўйича жорий операциялар счёти, капитал харажатлар счёти ва молия счёти тузилади. Мамлакат иқтисодиёти бўйича товарлар ва хизматлар йиғма счёти тузилади.


Ишлаб чиқариш счёти. Бу счёт ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлган жараёнларни ифодаловчи кўрсаткичлар (ялпи ишлаб чиқариш, оралиқ истъемол, қўшилган қиймат)нинг хосил бўлишини ифодалайди. Бу счётнинг кўрсаткичлари ишлаб чиқариш натижаларини таҳлил қилиш имконини беради. Ишлаб чиқариш натижалари биринчи бор ялпи ишлаб чиқариш (ЯИЧ) кўрсаткичи орқали қайд этилади. Умуман айтганда, бу кўрсаткич барча ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматлар қийматларининг йиғиндисидан иборат. Бу кўрсаткичнинг таркибида ишлаб чиқариш даврида ишлатилган товарлар ва хизматлар қиймати бор. Шу муносабат билан ялпи ишлаб чиқариш кўрсаткичи таркибида қийматлар қайта-қайта ҳисобга олинган.


Иқтисодиётнинг турли тармоқ ва секторларида ялпи ишлаб чиқариш кўрсаткичини ҳисоблаш методлари турлича. Айниқса, хизмат кўрсатиш ва моддий неъматлар ишлаб чиқариш, бозор ва нобозор ишлаб чиқариш соҳаларида бу кўрсаткични ҳисоблаш методлари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Қуйида иқтисодиётнинг турли секторларида ЯИЧ кўрсаткичини ҳисоблаш усулларини кўриб чиқамиз.


“Ишлаб чиқариш счёти асосида ойлик, чораклик ва йиллик ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларни иқтисодий кўрсаткичлари ифодаланади. Ишлаб чиқариш усулида ҳисобланган ЯИМ якуний товарлар ва хизматларни ишлаб чиқаришнинг турли босқичларида қўшилган қийматлар йиғиндиси сифатида аниқланади. ЯИМни бу усулда аниқлаш статистик жиҳатдан қулай бўлиши билан бирга уни ҳисоблашнинг муҳим шартига амал қилиш, яъни бир қийматни икки бор ҳисобга олиш, ёки оралиқ маҳсулот қийматини ЯИМга киритиб юборишнинг олдини олади”[6].


Хулоса қилиб айтганда, миллий ҳисоблар тизими асосий счётларини статистик таҳлил натижалари давлат бошқарув органлари томонидан янги макроиқтисодий сиёсатни ташкил этиш, ишлаб чиқариш ва қарор қабул қилишда, макроиқтисодий вазиятни иқтисодий жараёнларни баҳолашда, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган истиқболдаги прогнозлар ва статистик моделларини ишлаб чиқишда фойдаланиш бўйича илмий таклифлар тайёрланади ва миллий ҳисоблар тизимига ўтиш республика иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиёти билан мослашувини тезлаштиради.


Миллий ҳисоблар тизимида мамлакатда бўлаётган ишлаб чиқариш, истеъмол, жамғариш, инвестиция жараёнлари, мамлакатнинг молиявий ҳолати ва ҳориж билан бўлган иқтисодий ҳамкорлик натижалари бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган счётларда ифодаланади.


 


[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. // Халқ сўзи. 2018 йил 29 декабрь. 


[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3165-сон 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори. www.lex.uz 


[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. // Халқ сўзи. 2018 йил 29 декабрь. 


[4] “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”. http://strategy.gov.uz/uz/pages/action_strategy 


[5] Қ.Қ.Мамбетжанов. “Миллий ҳисоблар тизимида ялпи ички маҳсулотни ҳисоблаш усулларининг назарий асосларини такомиллаштириш”, 08.00.01–Иқтисодиёт назарияси (иқтисодиёт фанлари). Диссертацияси автореферати, 2019.  8-бет.


[6] Маткаримова И. А. Ялпи ички маҳсулот ҳажмини бахолаш усуллари (миллий ҳисоблар тизими асосида) // Молодой ученый. — 2017. — №16.2. — С. 16-19. — URL https://moluch.ru/archive/150/42520/ (дата обращения: 19.02.2019).

##plugins.themes.bootstrap3.article.details##

How to Cite
Ғойибназаров, Б. К., & Ахмеджанов, К. Б. (2019). МИЛЛИЙ ҲИСОБЛАР ТИЗИМИДА СЧЁТЛАРИ ТАРКИБИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ. Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари, 1(4), 3. Retrieved from https://ejournal.tsue.uz/index.php/iqtisodiy_xavfsizlik/article/view/156