ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИДА АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИДА АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

##plugins.themes.bootstrap3.article.main##

Ачилов Уйғун
Аметова Фотима

Аннотация

Ўзбекистонда Пенсия жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, рискларни бошқариш ва Пенсия жамғармаси хавфсизлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилган.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкид-лаганларидек, “Ёши улуғ инсонлар, катта авлод вакилларига эътибор ва амалий ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг пенсияларини ошириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотини яхшилаш бундан буён ҳам Президент учун, Ҳукуматимиз ва барча ҳокимликлар учун энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолади” [1]. Пенсия жамғармаси институтининг ривожлантирилиши миллий ва умуминсоний қадриятлар – дўстона ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, бирдамлик, ёрдамга муҳтож одамларга ғамхўрлик қилиш, кексаларни қадрлаш, ёшларни ватанпарварлик, жамият олдидаги ўз бурчи ва жавобгарлигини англаш руҳида тарбиялаш мақсадларига хизмат қилади.
Бугунги кунда Пенсия жамғармасининг молиявий барқарорлигини таъминлашнинг иқтисодий механизмларини такомиллаштириш бўйича қуйидаги илмий натижалар олинди: кўп даражали пенсия тизимини босқичма-босқич амалга ошириш, пенсия тизимининг жамғариладиган элементларини шакллантириш, янгидан тайинланган давлат пенсиялари миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш. Ҳозирги шароитда Пенсия жамғармасининг фаолиятини яхшилаш асосида фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини бошқаришни такомиллаштириш муҳимдир..
Пенсия таъминоти тизимининг асосий вазифаси фуқаролар эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда уларнинг кексалик чоғида ҳимояланишга бўлган талабини бажаришдир. Мамлакатда пенсия ва нафақалар имкон даражасида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясига йўналтирилганлиги билан тавсифланади. Ўзбекистон Республикасида пенсия таъминоти тизими мамлакатимиз фуқароларининг ижтимоий таъминот бўйича ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама инобатга олган ҳолда шакллантирилади.
Пенсия таъминотини яхшилаш, унда таркибий ва институционал ўзгаришларни амалга ошириш, пенсия таъминоти тизимини бошқаришни такомиллаштириш, пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, ҳисоблаш ва тўлашни такомиллаштириш, тизимга ахборот технологияларини тобора
кенгроқ жорий этишга қаратилган қатор ҳукумат қарорларининг қабул қилинаётганлиги ва амалиётга татбиқ этилаётганлиги, давлат пенсия таъминотини ислоҳ қилиш Концепцияси лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилганлиги ва унинг асосий йўналишларини қабул қилиш учун тегишли соҳа мутахассислари ва оддий фуқароларнинг фикрлари инобатга олинаётганлиги бу тизимнинг доимо давлат ва жамият эътиборида эканлигидан далолат беради.
Корхона ва ташкилотлар хавфсизлиги тизими қуйидаги қатор кичик тизимларни ўз ичига олиши мумкин [5]:
- иқтисодий хавфсизлик;
- технологик хавфсизлик;
- экологик хавфсизлик;
- жисмоний хавфсизлик;
- психологик хавфсизлик;
- молиявий хавфсизлик;
- илмий-техникавий хавфсизлик;
- ёнғин хавфсизлиги;
- ахборот хавфсизлиги.
Юқоридагилардан келиб чиқиб таъкидлаш керакки, бугунги кунда тармоқ структураси турли-туман ва мураккаб автоматлаштирилган тизимлар мавжуд. Корхона ва ташкилотнинг ахборот оқими таҳлили хулосасига кўра, ахборот алмашиниш типик жараёни учун ахборотларни ҳимоялашнинг типик мажмуасини қўллаш ахборот хавфсизлигига бўладиган хавфларнинг катта қисмини бартараф қилишига имкон беради, ахборот ҳимоя воситаларини оқилона созлаш эса ихтиёрий ташкилотнинг ахборотларни йўқотишдан 99 % ҳимояни беради. Аммо ахборот ҳимоя воситаларини қўлланиш самарадорлигини баҳолаш зарур.
“Хавфларни баҳолаш усулларини танлашнинг муҳим жихатларидан бири шундаки, бунда олинган натижаларни ахборотларни ҳимоя тизимларига қўллаганда самарали бўлиши керак. Аниқ кириш маълумотларини талаб қилувчи ва чиқиш маълумотлари бир қийматли бўлмаган қийин усуллардан фойдаланиш самарали ҳимоя яратмаслиги мумкин. Risk Watch (АҚШ), CRAMM (Буюкбритания), COBRA (Буюкбритания), Авангард (Россия), ТРИФ (Россия), КОНДОР+ (Россия) каби дастурий таъминотлар автоматлаштирилган тизимларнинг ахборот хавфсизлигини жорий холати қай даражада эканлигини баҳолаш, функционал корпоратив тармоқ турғунлигини ошириш йўлидаги потенциалли йўқотишларни камайтириш, хавфсизлик сиёсати ва концепциясини ишлаб чиқишга, шунингдек заиф жойлардан ва тахдидлардан ҳимоя режасини тақдим қилиш имконини беради.” [2].
Миллий пенсия соҳасида амалга оширилган чуқур ислоҳотлар, уларнинг замонавий кўринишларининг амалиётга жорий этила бошлаши самараси ўлароқ, республикамизда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалаларининг тўғри ташкил этилганлигидан далолат беради. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромад манбалари жами бюджет даромадларини шакллантиришда ўзига хос ўринни эгаллаб, бу борада солиқ хизмати органлари ишини ташкил этиш ва фуқароларнинг суғурта бадалларини
электрон реестри ҳисоб-китобини юритиш услубиятини ишлаб чиқилиши билан ифодаланади.
Ахборот-коммуникация технологиялари ҳар бир вазирлик, идора ёки муассаса ишининг ажралмас қисмига айланди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан «Пенсия» дастурий мажмуасининг жорий этилиши мисол бўла олади. Ҳозирги вақтда ушбу тизим жамғарманинг барча 195 туман ва шаҳар бўлимларида муваффақият билан қўлланмоқда.
«Пенсия» дастурий мажмуаси пенсия ва ижтимоий нафақалар оладиган фуқаролар тўғрисидаги барча ахборот тўпланган маълумотлар ягона базасидир. У пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, ҳисоб-китоб қилиш, қайта ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек ҳар ойда ҳисоблаш ва тўлаш жараёнларини автоматлаштиришни таъминлайди. Ҳозирги вақтда тизимда 3,5 млн. нафардан ошган пенсионерлар ва нафақа олувчилар тўғрисидаги маълумотлар: уларнинг шахсий паспорт маълумотлари, яшаш жойлари, СТИР ва ШЖБПҲлари, меҳнат стажи ва иш ҳақи, пенсия ёки нафақа миқдори, компенсация ва бошқа тўловлар, боқувчининг қарамоғидагилар сони тўғрисидаги ахборот ва уларнинг паспорт маълумотлари жамланади.
Республикамизда истиқомат қилувчи барча пенсия ва нафақа олувчиларнинг ишончли ҳимояланган, ягона марказлашган маълумотлар базасини шакллантириш имконини берадиган замонавий автоматлаштирилган ахборот тизимини амалиётга кенг жорий этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Пенсия таъминотида унификациялашган электрон маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида «Фидо бизнес» МЧЖ билан ҳамкорликда «Пенсия» дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди ҳамда бугунги кунда ушбу дастурий таъминот республиканинг барча минтақаларида татбиқ этилмоқда. Ушбу дастурий таъминотнинг амалиётда кенг жорий этилиши, соҳада самарадорликни ошириб, тезкор ва аниқ ҳисоботлар шаклланиши, пенсия тайинланиши ва тўланишида инсон омилини камайтириш орқали жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан тезкор назоратни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мазкур дастурнинг келажакда идоралараро интеграллашуви сифатида, бошқа вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базаси билан ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этилади. Давлат статистика қўмитаси дастури: корхоналар тўғрисида маълумотлар олиш ҳамда ойлик, чораклик ва йиллик ҳисоботларни электрон тарзда юбориш. Дастурнинг қўшимча жозибадор таърифи сифатида унинг яқин келажакда электрон маълумот сервис хизматини амалга ошира олишини қайд этиш лозим. Жамғарма даромадларининг бир турдаги манбаини тўла-тўкис шакллантиришда аниқ таҳлилий ҳисоботларга ва тезкор маълумотларга эга бўлишни таъминлайди. Бизнинг фикримизча, тизимни замонавий ахборот технологиялари талабларига мувофиқ техник қуроллантириш зарурияти мавжуд.
“Амалиётда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг алоҳида ечимларини қўллаш шуни кўрсатадики, ҳамма вақт ҳам ҳимоя тизими етарли ва самарали деб ҳисоблаганда фойдаланувчининг нуқтаи назари эътиборга олинмайди.
Турли ҳимоя воситаларини қўллашда ахборотларни рухсатсиз чиқиб кетишидан келадиган зарар билан ахборот ҳимоя ресурсларини таъминлаш учун кетадиган харажатлар баланс бериши керак” [4].
Ҳавфсизлик – бу барқарор тараққиёт йўлини белгилайди, лекин ҳар бир соҳани хавфсизлигини таъминлаш лозим. Хавфсизликни мавжуд эмаслиги, мазкур соҳада барқарор турғун ишлашни таъминламайди. Турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган компьютер тизимларида маълум маънода номаълум, кутилмаган, тасодифий хавфлардан ҳимояланишнинг ташкилий чора-тадбирлари, уларни бартараф этишнинг усулари, техник ва дастурий воситалари мавжуд. Ахборот хавфсизлигида хавфларни баҳолаш алгоритми, хавфларни баҳолаш процедураси, комплекс ёндошув каби корхонанинг раҳбар ходимлари, бўлимлари ва хизматчиларининг ҳамкорлигида босқичма-босқич амалга оширилади. Ахборот хавфсизлигига долзарб хавфни аниқлангандан кейин, хавф даражасини камайтириш бўйича тавсияларни танлаш ва Пенсия жамғармаси ахборот хавфсизлигини яхшилашга қаратилган самарали чораларни қабул қилиш керак.
Хулоса қилиб айтганда, Пенсия жамғармаси даромадларининг барқарорлигини, Жамғарманинг даромад ва харажатларининг мутаносиблигини, давлат пенсия таъминоти тизимини ахборот технологиялари асосида жаҳон андозаларига ва ижтимоий адолат тамойилларига мос ва шаффоф бўлишини таъминлаш шарт.
Фойданилган адабиётлар рўйхати
[1] Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2016. –Б.12.
[2] Кудрявцева Р. Т. Управление информационными рисками с использованием технологий когнитивного моделирования: автореф. дис. … к. т. н. — Уфа, 2018.-С.17.
[3] Касимова Г., Шолдаров Д.А. Пенсия таъминоти назорати. Дарслик. 2018 йил. IQTISOD-MOLIYA. -368б.
[4] Лопарёв С., Шелупанов А., Анализ инструментальных средств оценки рисков утечки информации в компьютерной сети предприятия. http://www.iso27000.ru
[5] Хошимов П.З. Тадбиркорликнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ва тизими. \\ Молия. -Тошкент. 2015. -№11. – Б.24.

##plugins.themes.bootstrap3.article.details##

Как цитировать
Ачилов, У., & Аметова , Ф. (2019). ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИДА АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ. Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари, 1(4), 3. извлечено от https://ejournal.tsue.uz/index.php/iqtisodiy_xavfsizlik/article/view/87