БАНК РИСКЛАРИНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БАНК РИСКЛАРИНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

##plugins.themes.bootstrap3.article.main##

Ш. Ҳамроев

Аннотация

Ушбу илмий тезисда рискларнинг иқтисодий моҳияти, уларни самарали бошқаришдаги муаммолар ва бошқаришни такомиллаштириш масалалари тадқиқ этилган.


Банк рисклари иқтисодий рисклар тизимига киради, шунинг учун у табиатан мураккаб тузилган. Тизим доирасида улар иқтисодий рисклар таъсирини сезадилар. Айрим муаллифлар банк рискининг банк зарарлари пайдо бўлиш эҳтимоли сифатида ифодалашга қўшилмайдилар ва бу рискни қарорларни қабул қилишда ноаниқ ахборотлардан фойдаланиш деб тушунадилар.
Агар рискнинг туб моҳиятини кўриб чиқадиган бўлсак, "риск"сўзи испанча-португалча сўздан олинган бўлиб "сув остидаги қоя" деган маънони билдиради. Шунинг учун ҳам риск хавф туғдириш эҳтимоли мавжудлигини ифода қилади.
Рискни таърифлаганда, уни зарар билан боғлиқ хавф-хатар, ноаниқлик дейиш риск тушунчасининг моҳиятини тўла ифодалай олмайди.
Таҳлиллар натижасида шундай хулосага келдикки, банк риски – бу энг аввало, фаолиятнинг ўзига хос туридир. Риск – бу ноаниқлик эмас, ноаниқлик шароитида иқтисодий субъектларни фаолият кўрсатишидир.
Агар банк рискига тўлиқ таъриф берадиган бўлсак банк риски бу бизнинг фикримизча – банк фаолиятига таъсир қилувчи иқтисодий, молиявий, ижтимоий, сиёсий, технологик ички ва (ёки) ташқи омилларга боғлиқ бўлган ҳолатлар натижасида банк фаолиятига хос бўлган молиявий зарарлар кўриш ва (ёки) банк ликвидлиги (банк ўз мажбуриятларини вақтида бажариш қобилияти) ни тўлиқ ёки қисман йўқотиш хавфининг мавжудлигидир.
Бизга маълумки, банк фаолиятида кредит, бозор, фонд, валюта, фоиз, ликвидлилик, операцион, хуқуқий, фирибгарлик каби риск турлари мавжуд.
Бугунги кунда мамлакатимиз тижорат банкларида рискларни самарали бошқаришга тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар мавжуд. Хусусан:
1.Тижорат банклари мижозларининг узоқ муддатли депозитлардан оладиган реал қийматининг девальвация ва инфляция таъсирида реал қийматининг пасайиши.
Агар инфляция даражаси ва девальвация суръатини қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, у ҳолда, банклар мижозларининг узоқ муддатли депозитлардан оладиган реал қийматини анчагина катта миқдорга пасайганлигининг гувоҳи бўламиз.
2. Тижорат банкларида трансформация рискининг мавжудлиги ва унинг банкларнинг депозит базаси барқарорлигига нисбатан салбий таъсирининг
мавжудлиги. Трансформация риски тижорат банкларининг ликвидлилиги ва тўловга қобиллигига нисбатан кучли салбий таъсирни юзага келтиради. Бунинг натижасида банкларнинг депозитларга фоиз тўлаш имконияти пасаяди, жалб қилинган депозитларнинг асосий қарз суммаси ва уларга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтара олиши қийинлашади.
3. Тижорат банклари қўшимча капиталининг етарли эмаслиги.
Таҳлилларнинг натижалари шуни кўрсатдики, ҳозирги даврда республикамиз тижорат банкларида қўшимча капиталнинг умумий капитал ҳажмидаги салмоғи ўртача 5-6 фоизни ташкил этмоқда.
Ривожланган мамлакатларнинг банк амалиётида тижорат банклари қошида траст, лизинг, факторинг ва форфейтинг компаниялари каби кредит муассасаларини очиш кенг тарқалган. Бунинг натижасида уларнинг актив опеарцияларини ривожлантириш имкони юзага келади ҳамда қўшимча капитали миқдори ошади.
4.Республикамиз тижорат банклари капитал базасининг барқарорлигини ошириш билан боғлиқ бўлган муаммолар.
Ушбу муаммоларга қўшимча яна қуйидаги долзарб муаммоларни ҳам киритиш мумкин:
–республикамиз тижорат банклари умумий капиталининг ҳажмида нобарқарор ресурс манбаи бўлган девальвация захирасининг юқори салмоққа эга эканлиги;
–мамлакатимиз тижорат банкларида жорий йил фойдаси ва тақсимланмаган фойданинг умумий капитал ҳажмидаги салмоғининг кичиклиги;
Бизнинг фикримизча тижорат банкларида рискларини бошқариш сиёсатида қуйидаги устувор масалаларга эътибор қаратиш лозим:
 банк фаолиятинининг комплекс тарзда таҳлил этиш асосида унинг ривожининг устувор йуналишларини белгилаб олиш;
 банк депозит базасини оптимал равишда саклаб туриш ва унинг ўзгарувчанлигини назорат қилиш борасида математик моделларга асосланган холда кенг кўламда таҳлил этишни тадбиқ этиш;
 банк ходимларининг малакасини халкаро андозаларга мос келадиган даражага етказиш ва шахсий манфаатдорлигини ошириш борасида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
 миллий банклар томонидан фоиз ставкасини бошқаришга оид халқаро банк иши тажрибасида қўулланилаётган усулларни жорий этиш.
Мазкур чора-тадбирларнинг тижорат банклар томонидан ишлаб чиқилиши рискларни рационал равишда бошқаришга ва банк фаолиятини оптималлашувига хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз банк тизимининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, банкларда ижобий натижага эришишда қўйидагиларга эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқдир:
1. Банкларнинг иқтисодий жиҳатдан бақувват мижозларни жалб қилиш сиёсатини янада такомиллаштириш орқали депозит маблағлари таркибидаги талаб қилиб олингунча сақланадиган маблағларни муддатли депозитларга
ўтказиш лозим. Яъни, тижорат банкларининг молиявий жиҳатдан барқарор ва «узун» маблағларининг салмоғини оширишга эришиш зарур. Бунда юридик шахслар депозитларининг аҳамияти муҳим ҳисобланади. Бу тадбирнинг амалга оширилиши натижасида хозирги кунда тижорат банклари амалиётида салбий ҳолат сифатида учраб турган «ресурсларнинг танқислиги» ва вакиллик ҳисобварақлардаги зиддиятли ҳолатларнинг олди олинади.
2. Банк депозит сертификатларини кенг кўламда жорий этиш.
3. Тижорат банкларининг жалб қилинган маблағлари таркибидаги банклараро кредитларнинг ҳажмини кескин оширмаслик чораларини кўриш лозим, чунки ушбу маблағлар ҳисобидан берилаётган кредитларнинг қайтиши ва кутилаётган фойданинг хатар даражасини аниқ баҳоламаслик, банкни иқтисодий жиҳатдан мушкул ҳолатга солиб қўйиши мумкин.
4. Кредитлар ажратишда уларни узоқ муддатли бўлиши давр талаби эканлигини ҳисобга олиб, узоқ муддатли депозитларни рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш. Бунда давлат томонидан тижорат банкларига жалб қилинган депозитлар учун солиқ имтиёзларининг аҳамияти беқиёсдир.
5. Тижорат банкларида омонат(айниқса, узоқ муддатли ва жамғарма) турларини кўпайтириш, аҳоли қўлидаги вақтинча бўш пул маблағларини жалб қилиш ҳамда аҳолини дивидендларини асосий даромад манбаи сифатида шакллантириш ва қарашга ўргатиш.
6. Мамлакатимизда иккиламчи қимматли қоғозлар бозорининг етарли даражада ривожланмаётганлиги тижорат банкларининг оддий ва имтиёзли акцияларини ушбу бозорда доимий олди-сотди объектига айланишига тўсқинлик қилмоқда (тижорат банклари учун иккиламчи қимматли қоғозлар бозорида қатнашишда фойдалилик даражасининг пастлиги).
Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада ошириш учун яратилган кафолатлар уларнинг банклардаги депозитлари, айниқса муддатли ва жамғарма депозитлари ҳажмининг юқори суръатларда ўсишига ёрдам беради.
Фойдаланилган адабиётлар
1.А.Я. Абдуллаев “Тижорат банкларининг ликвидлик даражасини ошириш : муаммо ва ечимлар”. Т.: Фан ва технологиялар, 2017.
2.«Анализ банковских рисков» Х. Ван Грюнинг, С.Б.Братанович, Москва-2004 йил. 3.Нафасов Д. Б. “Тижорат банклари рискларини бошқаришнинг назарий ва амалий асосларини такомиллаштириш” 08.00.07- Молия, пул муомаласи ва кредит мутахассислиги Иқтисод фанлари бўйича (Phd) фалсафа доктори даражасини олиш учун ёзилган диссертация Автореферати 2018й.
4.Т.Каралиев, Т.Бобакулов, Ш.Абдуллаева. Банк иши.Дарслик.-Т.:”Фан ва технология”, 2016й.-640 бет

##plugins.themes.bootstrap3.article.details##

Как цитировать
Ҳамроев Ш., Ҳ. Ш. (2019). БАНК РИСКЛАРИНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ. Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари, 1(2), 3. извлечено от https://ejournal.tsue.uz/index.php/iqtisodiy_xavfsizlik/article/view/54