КОРХОНАЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ ХАВФСИЗЛИК ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ АСОСЛАРИ КОРХОНАЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ ХАВФСИЗЛИК ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ АСОСЛАРИ
##plugins.themes.bootstrap3.article.main##
Аннотация
Ушбу тезисда корхоналарнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш тизимини ташкил этишнинг назарий асослари тадқиқ этилиб, унинг замонавий ёндашувини ишлаб чиқиш асослари ёритилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилмоқда. Тараққиётнинг ҳозирги босқичида корхоналарнинг иқтисодий хавфсизлиги муҳим аҳамият касб этади. Негаки, иқтисодиётнинг хавфсизлиги ҳолати турли ижтимоий-иқтисодий қарорлар қабул қилишда асосий омил сифатида хизмат қилади ва ҳозирги глобаллашув шароитида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш муаммоси давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Чунки, глобаллашув жараёнларининг чуқурлашиб бориши алоҳида мамлмкат иқтисодий юксалишида муҳим омил бўлиш билан бирга, унинг юзага келиши мумкин бўлган глобал молиявий-иқтисодий инқироздан жуда катта таҳдид ва иқтисодий зарбалр остида қолиш хавфини ҳам янада кучайтиради. Шу жиҳатдан иқтисодий хавфсизликни таъминлашда ҳам давлат, ҳам корхоналар миқёсидаги хавфсизликни таъминлаш ва унга оид таҳдидларнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Иқтисодий тизимдаги ҳар қандай ўзгаришлар турли хавф-хатар ва таҳдидларнинг намоён бўлиши билан бирга кечар экан, корхона иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, унга бўладиган турли таҳдидларнинг олдини олиш бугунги кунда энг муҳим масалалардан ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, мазкур соҳадаги илмий-тадқиқотларнинг янада ривожланишига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Сўнгги вақтларда иқтисодиётнинг турли даражаларидаги иқтисодий хавфсизлик ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолаш муҳим долзарблик касб этиш билан бирга турли олимларнинг, жумладан, Е.А.Олейников [1], А.М.Арипшев [2], В.Ф.Гапоненко, А.А.Беспалько, А.С.Власков [3], О.А.Грунина [4], В.В.Ефимов [5], А.В.Козаченко, В.П.Пономарев, А.Н.Ляшенко [6], Ю.В.Михеенко [7], Н.В.Манохина, М.В.Попов, Н.П.Колядин,
И.Э.Жадан [8], В.В.Светлова [9], В.И.Соснин [10], М.В.Фомина [11], В.К.Сенчагов [12], В.И.Ярочкин [13] ва бошқаларнинг ишларида кенг ўз аксини топиб бораётганлиги эътиборга моликдир. Корхоналарнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тадқиқотлар олиб борган иқтисодчилар-олимлардан Е.А.Олейников фикрича, корхонанинг иқтисодий хавфсизлиги унинг ҳозир ва келажакда барқарор ишлашини таъминлаш учун турли таҳдидларни бартараф этиш мақсадида корхона ресурсларидан бирмунча самарали фойдаланиш ҳолатидир [1]. А.М.Арипшев корхоналарнинг иқтисодий хвфсизлигини уларнинг турли ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимояланганлик даражасини кўрсатувчи корхона тавсифий жиҳатларидан бири, деб ҳисоблайди [2]. В.Ф.Гапоненко, А.А.Беспалько, А.С.Власковларнинг берган таърифларига кўра, иқтисодий хавфсизлик корхонанинг ташқи омиллар мавжудлиги шароитида, шунингдек, уларнинг аниқланган чегараларигача ўзгаришида муайян мақсадларга эришиш учун барқарор фаолият кўрсатиши қобилиятини тавсифловчи хусусият ҳисобланади [3]. Бундай тадқиқотларнинг чуқурлашиб бораётганлиги корхоналар иқтисодий хавфсизлиги тизимини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, ўйлашимизча, ҳанузгача корхоналар иқтисодий хавфсизлик тавсифи етарлича аниқ эмас ва унга оид тадқиқотлар ҳали жуда кўп давом этади. Шундай бўлса-да, биз иқтисодий хавфсизлика оид тадқиқотлар натижасидан келиб чиқиб, “корхоналарнинг иқтисодий хавфсизлиги – бу корхоналарнинг ривожланиши йўлида ички ва ташқи таҳдидларни бартараф эта олиш қобилияти ва инқирозга учраш хавфидан ҳимояланиш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар мажмуи” ва “корхоналарнинг иқтисодий хавфсизлигини аниқлаш” ёндашувларини тизимлаштириш орқали корхонанинг иқтисодий куч-қудрати ошиб бориб, унинг барқарор ишлашни таминлайди, деган хулосага келдик