ТАЪЛИМ, ФАН ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЎРТАСИДА ИННОВАЦИОН ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛЛАРИ ТАЪЛИМ, ФАН ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЎРТАСИДА ИННОВАЦИОН ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛЛАРИ
##plugins.themes.bootstrap3.article.main##
Аннотация
Ушбу мақолада таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида инновацион ҳамкорликни ривожлантиришда инновацион кластерларни шакллантиришнинг ўзига хос йўллари назарий жиҳатдан ёритиб берилган.
Барқарор иқтисодий тараққиётга эришишда инновацион фаолиятни таъминлаш муҳим омиллардан ҳисобланади. Мамлакатимизда барқарор ва самарали иқтисодиётни шакллантириш борасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўз натижасини бермоқда. Жумладан, жаҳон ҳамжамиятига иқтисодий интеграциялашувни кучайиши, аҳоли даромадларини ўсиши, ҳудудларда бизнес ва тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш асосида янги иш жойларини яратилиши ҳисобига 2018 йилда 2017 йилга нисбатан аҳолини реал даромади 12 фоизга ошди. “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар - келажагимиз” каби дастурлар доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2600 дан ортиқ бизнес лойиҳалар амалга оширилди [1].
Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясининг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган 4-қисми 4.1. бандида яқин беш йилда аҳолини иш билан бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, бунинг учун эса “янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш” каби вазифаларни ҳал этиш кўзда тутилган [2].
Юқорида белгиланган масалаларни бозор тамойиллари асосида ҳал этишда “таълим-фан-ишлаб чиқариш” инновацион ҳамкорлигини амалга ошириш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Жаҳон амалиётида фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг энг асосий техник жиҳатларидан бири технополислар, илмий парклар ва технопарклар ҳисобланади. Буларни ўзаро ҳамкорлиги инновацион жараёнларни ташкил этиши учун зарурий шароитларни яратишда, янги турдаги синов маҳсулотларини ҳамкорликда ишлаб чиқишга хизмат қилади. Чунки, инновацион лойиҳаларни амалга оширишга керакли жиҳозлар ва молиявий ресурслар билан таъминлашда фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси муҳим омил ҳисобланади. Натижада, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси инновацион кластерларни шаклланишига хизмат қилади.
Инновацион кластерлар ўз ичига инновацион технологик парк, сертификатлаштириш, маркетинг марказлари, илмий-тадқиқот марказлари, олий ўқув юртлари, инновацион марказлар ва бошқа субъектларни олиши мумкин.
Инновацион кластерларни шаклланиши шу соҳадаги мутахассислар салоҳиятига ҳам бевосита боғлиқдир. Сабаби, замонавий инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун юқори илмий салоҳиятга эга бўлган малакали кадрлар томонидан фундаментал ва амалий лойиҳалар ҳаётга тадбиқ эталади. Бунинг натижасида “таълим-фан-ишлаб чиқариш” алоқаларини ўзаро ҳамкорлиги таъминланади. Таълим, фан ва ишлаб чиқаришини ўзаро шерикчилиги кадрларни назарий ва амалий томонидан инновацион тадбиркорлик қобилятларини шаклланишига олиб келади.
Олий ўқув юртлари иқтисодиётдаги замонавий корхоналарни ривожланиш истиқболларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар тайёрлайди. Талабаларни олаётган назарий билимларини инновацион ҳамкорлик асосида худди ўша корхоналарда амалий томондан мустаҳкамлайди. Иқтидорли талабалардан тармоқларга қизиқишидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир тармоқ йўналиши бўйича инновацион ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилади. Ушбу гуруҳ талабалари ўқув семестри давомида ўзларига бириктирилган корхоналарда дарсдан сўнг ва ўқув режада белгиланаган ўқув амалиётларини ўтказади. Худди шу даврда ўзларини қизиқтирган мавзуларда инновацион лойиҳаларни шакллантириш, яратилган ишланмаларни корхоналар амалиётга жорий этиш ва тижоратлаштириш фаолиятлари билан яқин танишадилар ҳамда инновацион гуруҳ раҳбари ҳамкорлигида ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнларида иштирок этиши мумкин (1-расм).
Ушбу инновацион ҳамкорлик фаолияти инфратузилмасини бошқариш тегишли давлат органлари, олий таълим муассасалари ва корхона ваклларидан иборат бўлган мувофиқлаштирувчи илмий-техник кенгашлар орқали амалга оширилади. Мувофиқлаштирувчи кенгаш белгиланган даврлардаги инновацион ҳамкорлик натижасида яратилган янги ишланмалар ва келажакда амалга ошириш режалаштирилган инновацион лойиҳаларни мақсади, вазифаларни амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар, кутиладиган натижалар, мутахиссислар билан таъминлаганлиги ҳамда молиялаштириш босқичларини таҳлил қилади.
Бундан ташқари йирик инновацион ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишда илмий тадқиқот марказлари, молиявий ташкилотлар ва хорижий иштирокчиларни ҳам жалб этиш мумкин. Инновацион лойиҳаларни молиялаштириш давлат хусусий шерикчилиги асосида, хусусий корхоналар, жисмоний ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан амалга оширилиши эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.